Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.
Aгентлик танишиб чиққан, бироқ оммага эълон қилинмаган ҳужжатга кўра, Кремл Трамп маъмурияти билан иқтисодий ҳамкорлик доирасида Россиянинг доллар воситасида ҳисоб-китоб тизимига қайтишига олиб келиши мумкин бўлган таклифларни тайёрлаган.
"Москва Украина урушини тўхтатиш бўйича келишув амалга оширилгач, Россия ва АҚШнинг иқтисодий манфаатлари мос келиши мумкин бўлган етти банддан иборат таклифни ишлаб чиққан. Тахминларга кўра, иккала давлат ҳам экологик муқобил вариантларга зарар етказган ҳолда қазиб олинадиган ёқилғини илгари суриш бўйича ҳамкорлик қилади, шунингдек, табиий газ, деегиз шелфларидаги нефт ва бошқа хом ашёларга қўшма сармоя киритишни бошлайди", дейилади хабарда.
Таклифнинг асоси Россиянинг доллар тизимига қайтиши бўлиб, нашрнинг таъкидлашича, бу Кремл сиёсатида ҳайратланарли бурилиш ва дунё молия тизимида потенциал тарзда туб ўзгаришларни англатади.
Шу пайтгача Россиянинг асосий мақсади долларга муқобил вариантни излаш бўлган. Президент Владимир Путин эса Хитой билан алоқаларни чуқурлаштиришга интилган. Шу сабабли, ҳужжат мазмуни билан таниш манбалар Путин Пекиннинг манфаатларига зид келадиган келишувга рози бўлиши деярли имконсиз деб ҳисоблайди.
Кремлнинг таклифи қуйидагиларни назарда тутади:
— Россия авиапаркини модернизация қилиш учун авиация соҳасида узоқ муддатли шартномалар;
— Нефт ва суюлтирилган табиий газ қазиб олиш бўйича қўшма корхоналар;
— АҚШ компанияларини Россия бозорига қайтариш учун имтиёзли шартлар;
— Атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик;
— Россиянинг доллар тизимига қайтиши.