Унинг таъкидлашича, Россиянинг бу борадаги позицияси Европадаги жадал ҳарбийлашув жараёнлари фонида билдирилган. Песков Калининград вилояти Россиянинг ажралмас қисми эканини ва Москва унинг хавфсизлигини таъминлашини билдирди.
Россиянинг Лондондаги элчихонаси аввалроқ Британия ёки НАТО томонидан Калининградга қарши ҳар қандай ҳарбий ҳаракат Россиянинг «барча мавжуд воситалар» билан жавоб қайтаришига олиб келишини маълум қилган. Баёнотда ядровий қуролдан фойдаланиш эҳтимоли ҳам тилга олинган.
Песков Европа давлатларини Украинадаги можарода Киев томонида иштирок этаётганликда айблаб, улар томонидан қурол-яроғ ва ўқ-дорилар етказиб берилаётганини қайд этди.
Кремль вакили Россия чегаралари яқинида НАТО давлатларида ядровий қурол жойлаштирилиши кескинликни янада кучайтиришини айтди.
Шунингдек, Песков Россия ва АҚШ ўртасида иқтисодий ҳамкорликни Украинадаги можаро ҳал этилишини кутмасдан қайта тиклаш мумкинлигини билдирди. Унинг айтишича, икки давлат ўртасида ишчи даражадаги мулоқотлар давом этмоқда.