Американинг Moody's рейтинг агентлигига кўра, сўнгги ойларда РФдан хом нефт импорти қисқарган бўлса-да, Ҳиндистоннинг Россия нефтини тўлиқ ва зудлик билан тўхтатиши эҳтимоли паст. Reuters келтирган ҳисоботда бу қадам “Ҳиндистон иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин”лиги қайд этилган.
Reuters икки манбага таяниб ёзишича, ҳинд нефтни қайта ишлаш заводлари (НҚЗ)га РФдан импортни тўхтатиш учун ишлаб чиқаришни босқичма-босқич қисқартиришга маълум вақт керак бўлади. Шу билан бирга, Ню-Деҳли ҳукумати ҳали бундай кўрсатма бермаган.
Аввалроқ Доналд Трамп Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди у билан суҳбатда Россия нефтини харид қилишни тўхтатишга рози бўлганини айтган. Трамп версиясига кўра, Ҳиндистон АҚШдан ва эҳтимол Венесуэладан нефт харидини оширишга тайёр.
“Бу ҳозир давом этаётган ва ҳар ҳафта минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлаётган Украинадаги урушни тўхтатишга ёрдам беради!” — деб ёзди Трамп Truth Social платформасида. Шунингдек, у Вашингтон Ҳиндистон учун бож ставкасини 25 фоиздан 18 фоизга туширишга рози бўлганини таъкидлади.
Моди эса X ижтимоий тармоғида АҚШ етакчиси билан “ажойиб” суҳбат бўлганини ёзди. “Икки йирик иқтисодиёт ва дунёнинг энг йирик демократиялари биргаликда ишласа, бу халқларимиз учун фойда келтиради ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун улкан имкониятлар очади”, — деди у.