Кредит маблағларини ўзлаштириш билан боғлиқ жиноят учун судланган А.Т.дан банкка етказилган 374 млн. сўм моддий зарар Мажбурий ижро бюроси Бўстон туман бўлими томонидан тўлиқ ундирилди.
Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судининг 2026 йил 12 мартдаги ҳукмига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан судланган А.Т. кредит маблағларидан мақсадсиз фойдаланиб, уларни ўзлаштириш орқали “Микрокредитбанк” АТБ Андижон ҳудудий бошқармаси манфаатларига моддий зарар етказган.
Суд томонидан унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, жиноят учун тегишли жазо тайинланган ҳамда банкка етказилган 374 млн. сўм моддий зарарни қоплаш мажбурияти юкланган.
Бироқ, моддий зарар ихтиёрий тартибда қопланмаганлиги сабабли ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Бўстон туман бўлимига келиб тушган.
Давлат ижрочилари томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида қарздорнинг мол-мулки ва даромадларига қаратилган ундирув чоралари орқали банк фойдасига моддий зарар тўлиқ ундирилиши таъминланди.
Кредитни ўзлаштириш осон туюлиши мумкин, аммо бундай ҳаракатлар муқаррар равишда жавобгарликка сабаб бўлишини ва етказилган моддий зарар эса қонун доирасида барибир қопланишини унутмаслик лозим.