Тошкентдаги TESTO by Zamira&Co ресторани коронавирус сабаб мамлакатдаги ўрта бизнеснинг аҳволини ифода этиш мақсадида ижтимоий тармоқларга меню пешлавҳасининг расмини жойлаштирди. Пешлавҳага ёзилган «Directed by Robert B.Weide» жумласига ушбу мемга сабабчи бўлган режиссёрнинг ўзи Twitter’даги саҳифаси орқали жавоб қайтарди. Бу ҳақда "Дарё" хабар берди.

Twitter’даги саҳифасига «Тез овқатланадиган ресторанлардан бирининг қаршисидаги меню. Тошкент, Ўзбекистон. Жерри Льюис Францияда, Девид Хасселхофф Германияда машҳур бўлгани каби, мен ҳам Ўзбекистонда таниқлиман шекилли», — дея ёзиб қолдирган.

Ўз навбатида ресторан ҳам ушбу постга жавоб қайтариб, «Нотўғри тайёрланган таомларни ‘Robert B.Weide’нинг махсус менюси’ деб номлаш биз учун шараф бўларди», — дея изоҳ қолдирган.

Рестораннинг Facebook’даги саҳифасига жойланган расм остига эса режиссёр қуйига фикрни билдирган: «Меҳмонга борсам, текин бутерброд берасизларми?». Ресторан бунга ҳам жавоб қайтарган: «Агарда келсангиз, ўхшамай қолган овқатларга сизнинг номингизни берамиз».

Аксарият ҳолларда интернетда ноқулай ёки ўхшамаган вазият акс этган видеолар охирида «Directed by Robert B. Weide» деган ёзув чиқади.

Кўплаб мемларнинг туғилишига сабаб бўлган бу қора экран «Шижоатингизни жиловланг» (Curb your enthusiasm) сериалидан олинган. «Шижоатингизни жиловланг» сериали HBO томонидан 2000 йиллардан суратга олинган ва 17 йил давомида 9 мавсуми эфирга узатилган. Бу сериалнинг машҳурлиги, ижодкор Ларри Девиднинг қиёфаси билан боғлиқ.

«Шижоатингизни жиловланг» комедияси бемаъни ва ноқулай вазиятларни устига қурилган. Кўпинча бундай беъмани саҳналар ўзига хос кулгили мусиқа ва титрли экран билан тугаган.

Маълумотларга кўра, «Шижоатингизни жиловланг» комедиясидаги мусиқа ва қора фон биринчи марта 2015 йилда ишлатилган. Лас-Вегасда «Коинот гўзали» танловининг финал босқичи бўлиб ўтади. Финалга колумбиялик Ариадна Гутиеррез ва филиппинлик Пиа Алонзо Вуртзбач чиққан. Танлов бошловчиси ғолиб исмини эълон қилиб, мукофотни колумбиялик қизга топширади ва бошига тож кийдиради. Аммо бир неча дақиқадан сўнг, бошловчи узр сўраб, адашиб кетганини айтади. У колумбиялик аёлнинг тожини ечиб, филиппинликка узатади. YouTube томошабинлари бу ҳолатни «Directed by Robert B. Weide» жумласи билан якунлашни маъқул кўради.