АҚШда коронавирусдан 40 минг киши вафот этди. Бу дунёдаги коронавирус ўлимларининг қарийб чораги демакдир.
Нега бундай бўляпти? Нега дунёнинг энг ривожланган давлати коронавирус олдида тиз чўкди? Бунинг бир неча сабабларини кўряпман.
Биринчидан, давлат тепасида ғирт аҳмоқ ўтирибди. Дональд Трамп — аҳмоқ. Қаранг-да, у бир неча бор коронавирус оддий вирус экани, ҳаво иссиқ бўлганда йўқ бўлиб кетиши, бу вирус Демократлар томонидан ўйлаб топилган ёлғон эканини таъкидлади.
Ҳалигача ҳар куни Твиттерда кунига 30 талаб твит ёзади бу президент деганлари. Унда Хитой, демократлар, CNN, Нью-Йорк Таймсларни айблайди. Ўзи эса ҳаммасини қойил қилгани, унга бутун дунё лол қолганини таъкидлайди. Менга ишонмаяпсизми? Твиттерга киринг. Қусвормасангиз бас, мен огоҳлантирдим.
Бундан ташқари, штатлар губернаторлари, айниқса, республикачи губернаторлар Трампнинг кетидан юриб, карантин эълон қилгани йўқ.
АҚШда Fox News деган телеканал бор. Унда ўзини консерватор деган ёлғончилар туну-кун сайрайди. АҚШнинг ўз Киселёв ва Соловьеви бор. Ана ўшанақа кўрсатувларда канал тарқатаётган ёлғонларга мос гапирувчи одамлардан интервью олинади. Доктор Оз номи билан танилган одам куни кеча Fox News'да чиқиб, мактабларни очиш кераклиги, касалдан «бор-йўғи 2—3 фоиз» бола ўлишини таъкидлаган.
Қаранг, АҚШда тахминан 50 миллион мактаб ёшидаги бола бор. Шулардан 2 фоизи ўлса, бу 1 миллион болакай деган. 1 миллион болани қурбон қилиб юборишга тайёр бу аҳмоқлар. Бу бутун мамлакатга тарқатиладиган телеканалда айтилаётган гап!
Ҳар куни телевизорда президент, бутун бошли телеканаллар мана шунақа вайсайверса, одамлар вирусга ишонмайди, кўчада бемалол юраверади-да.
Иккинчидан, АҚШда 30 миллион нафар фуқарода тиббиёт суғуртаси йўқ. Бу дегани, одам касал бўлиб қолса, масалан, грипп бўлса, шифокорга ва дориларга катта пул тўлаши керак. Тиш докторини-ку гапирмаса ҳам бўлади. Шу сабабли кўп одамда хроник касаллар борки, улар коронавирус туфайли қўзғайди ва ўлим эҳтимолини оширади.
Учинчидан, АҚШда пуллик меҳнат таътили ёки «больничний» ҳам йўқ. Баъзи иш берувчилар пул тўланадиган «отпуск» беради, жуда кўпи йўқ.
Шунинг учун симптоми бўлган тақдирда ҳам ходимлар ишга чиқаверган ва бу касалликнинг тез тарқалишига сабаб бўлган.
Бу мен кўрган, мен билган сабабларинг бир қисми, холос. Пандемиянинг АҚШга таъсири, унда шахсан Дональд Трампнинг айби тарихшунослар томонидан кўп ўрганилади.
Фарҳод Файзуллаев,
Канада