Колумбия президенти Густаво Петро БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўзга чиқиб, замонавий дунё нацизм ва фашизм даврига қайтиш хавфига дуч келаётганини билдирди.
Унинг фикрича, Яқин Шарқдаги можаролар нефть ва бошқа ресурслар учун кураш билан боғлиқ бўлиб, бу жараёнлар глобал иқлим инқирозини ҳам чуқурлаштирмоқда. Петро Ғазодаги воқеаларни ҳам ресурслар учун рақобат билан боғлаб, тинч аҳоли ўлими кўламини яшириб бўлмаслигини таъкидлади.
Колумбия етакчиси ҳозирги можароларнинг илдизида ирқчилик ва фашизмга ўхшаш ғоялар ётганини айтди. Шунингдек, у сунъий интеллект айрим нуфузли доиралар томонидан дезинформация тарқатиш учун қўлланилаётганини ҳам қайд этди.
Петро Исроил ва мустақил Фаластиндан иборат икки давлатли ечимни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.