Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Киевда Зеленскийнинг Михаил Фёдоровни Мудофаа вазири лавозимидан озод этиш қарорига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.
Намойиш Иван Франко театри ёнидаги боғда бўлиб ўтяпти. Норозилик билдирувчилар "Фёдоров" деб ҳайқирмоқда ва қўлларида "Нима учун?", "Ишлаётган нарсага тегма" ва "Вова, нима қиляпсан?" деб ёзилган плакатларни ушлаб туришибди.
"Суспільне" хабарига кўра, Михаил Фёдоровни қўллаб-қувватлаш акциялари бошқа шаҳарларда, хусусан, Николаев, Харьков, Днепр, Полтава ва Тернополда ҳам ўтмоқда.
Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский мудофаа вазирлигини бошқаришни ҳозирги Ички ишлар вазири Игор Клименкога таклиф қилгани маълум бўлган эди.
"Украинская правда" маълумотларига кўра, Михаил Фёдоровни истеъфога чиқариш қарори Зеленскийга "осон бўлмаган". Президент буни Мудофаа вазири ва Қуролли кучлар бош қўмондони Александр Сирский ўртасидаги доимий келишмовчиликларга чидай олмаслиги билан изоҳлаган.
Зеленскийнинг таъкидлашича, Фёдоров ўзи ваъда қилган сафарбарлик ислоҳотини ўтказмаган. Нашр суҳбатдошларига кўра, Зеленский Фёдоровга Бош вазир лавозимини эгаллашни таклиф қилган, бироқ у рад этган.