Актриса Кэмерон Диаз 11 йиллик танаффусдан сўнг 2025 йилда катта экранларда пайдо бўлади. 52 ёшли киноюлдуз нега катта танаффус қилгани сабабини Fortune энг нуфузли аёллар саммитида тушунтирди.
Актриса бор эътиборини оиласига — турмуш ўртоғи Бенжи Мэдден билан биргаликда икки нафар фарзанди тарбиясига бағишлаш учун Голливудни тарк этган.
«Ўзимни ҳаётга қайтариш учун нимадир қилишим кераклигини тушуниб етгандим. Қолгани менга қизиқ эмас эди», — Диазнинг сўзларини келтирди Variety.
Ҳамкасбларининг фикрлари ва муваффақиятлари ҳам уни танлаган йўлидан қайтаролмаган.
«Ҳамма гап сиз нимани астойдил исташингизда. Мен учун бу оила эди», — деди актриса.
Кэмерон Диаз 1990-йиллар охири ва 2000-йиллар бошларида Голливуднинг энг муваффақиятли актрисаларидан эди. «Ниқоб», «Чарли фаришталари», «Таътиллар алмашганда» каби кўплаб филмларда суратга тушган.
Netflix «Яна ҳаракатда» жангари комедияси премьерасини 2025 йилга мўлжаллаган, режиссёр Сет Гордон суратга олган филмда бош ролларни Кэмерон Диаз, Жейми Фокс, Кайл Чандлер ва Гленн Клоуз ўйнаган.