Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Қанат Бозимбаев бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси Манғистау вилоятида фавқулодда ҳолат содир бўлган жойда ўз ишини давом эттирмоқда. Ҳодиса жойида сафарбар этилган давлат органларининг ҳаракатлари ҳамда қидирув-қутқарув ишлари мувофиқлаштирилмоқда. Ҳозирги вақтда асосий вазифа қаерда эканлиги номаълум бўлган икки ҳарбий хизматчини қидиришдир.
“Аниқлаштирилган маълумотларга кўра, ўқув-жанговар вазифани бажариш вақтида об-ҳавонинг кескин ёмонлашиши ва шамолнинг кучайиши оқибатида 17 киши сувга тушиб кетган. Уларнинг 12 нафари ҳалок бўлган, уч нафар ҳарбий хизматчи қутқарилган. Қолган икки нафар ҳарбий хизматчини қидириш ишлари давом этмоқда”, — дейилади хабарда.
Қанат Бозимбаев ҳали топилмаган ҳарбий хизматчиларни барча зарур куч ва воситаларни жалб этган ҳолда кечаю кундуз узлуксиз қидиришни таъминлаш вазифасини топширди. Шунингдек, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига зарур моддий ва бошқа ёрдам кўрсатиш вазифаси юклатилди.
Ваколатли органлар ҳодисанинг барча ҳолатларини аниқлаш бўйича иш олиб бормоқда. Қидирув-қутқарув тадбирлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 24 сентябрда Каспий денгизида ҳарбий машқлар пайтида 9 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилди. Уч нафар ҳарбий хизматчи қутқарилди. Улардан бири шифохонага ётқизилди. Қолганларини қидириш ишлари давом этяпти.
Ҳарбий хизматчиларнинг ўлими факти бўйича жиноий иш қўзғатилган ва тергов ишлари олиб борилмоқда.