Бугун 6 апрель, 2020 йил, душанба

O'ZB

Карантин қоидаларини бузганлар хорижда қандай жазоланади?

Карантин қоидаларини бузганлар хорижда қандай жазоланади?

АҚШ қонунчилигига кўра, агарда сиз карантин қоидаларини бузсангиз 1000 АҚШ долларигача жаримага тортилишингиз мумкин ёки бир йилдан кўп бўлмаган озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин ёки иккаласи ҳам қўлланилиши мумкин.

Францияда карантин қоидаларини бузувчилар сони кескин ошиб кетди. Тадқиқотчиларнинг айримлари бунга берилаётган санкциянинг кучсизлигини асосий сабаб сифатида кўрсатмоқда. Аввалига 35 еврони ташкил қилган жарима миқдори ҳозирда 135 еврога кўтартирилган. Франция Ички ишлар вазири Кристоф Кастанерга кўра, биринчи кунданоқ 4 мингдан ортиқ фуқаро жаримага тортилган. Агар ҳолат шундай давом этса, жарима суммаси оширилиб 375 евро қилиб белгиланиши мумкин.

Норвегияда қасддан ёки ўта эҳтиётсизлик оқибатида карантин қоидаларини бузадиган бўлсангиз сизга жарима ёки 6 ойгача қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкин. Авваллари ушбу диспозициянинг санкция қисми оғирроқ эди. Бу ҳолат кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди ва жазо либераллаштирилди.

Италия Ҳукумати маълумотларига кўра, карантин даврида 8 кун ичида 50 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилган. Италияда асоссиз кўчада юрган фуқароларга 206 евро миқдорида жарима солинмоқда. Ҳукумат шунингдек, карантин қоидаларини бузган шахсларни 3 ойгача қамоқ жазоси билан жазолашини айтмоқда. ОАВларга кўра, Италия аҳолиси коровирус билан касалланган давлатлар ичида иккинчи ўринга кўтарилиб олди. Ҳозирда COVID-19 билан касалланган беморлар сони 59138 нафарни ташкил қилмоқда. Вафот этганлар сони эса 5560тани ташкил қилади.

Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексига кўра, белгиланган санитария-эпидемиология қоидаларини қасддан ёки эҳтиётсизлик оқибатида бузиш оммавий заҳарланиш ёки бошқа жиддий оқибатларга олиб келса, 6 тоифадаги жарима жазоси ёки икки йилгача муайян лавозимни эгаллаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш жазолари тайинланиши мумкин. Вояга етмаганлар учун жарима миқдори 120 мингдан 140 минг сомгача, бошқа жисмоний шахсларга эса 260 минг сомдан 300 минг сомгача белгиланган.

Қозоғистон қонунчилигига қарайдиган бўлсак, санитария-эпидемиология назорати органларининг талабини бажармаслик, ойлик ҳисоблаш индексининг 500 баробар миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади. Инсон соғлиғига зарар етказмайдиган санитария-эпидемиология назорати талабларини бажармаганлик учун 5 миллион тенгегача жарима солинишига олиб келади. Агар бундай ҳаракатлар оқибатида касаллик оммавий зарарланишга олиб келадиган бўлса, ойлик ҳисоблаш индексининг 2 минг баробар миқдорида жарима солиниши ёки 10 йилгача озодликдан маҳрум бўлишга олиб келади.

Россия Федерацияси қонунчилигига кўра, санитария-эпидемиология қоидаларини бузиш одамларнинг оммавий зарарланишига олиб келса, 80 минг рублгача жарима, 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки муайян лавозимда ишлаш, 360 соатгача мажбурий меҳнатга жалб қилиш ёки бўлмаса бир йилгача озодликни чеклаш жазоси берилиши мумкин. Яъни Россия қонунчилигида алтернатив жазо тури кўп. Бу ҳолат одам ўлимига сабаб бўлса, 480 соатгача мажбурий ишга жалб этиш, 6 ойдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишларига юборилиши ёки шу муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Киритилди: 20:26 24.03.2020. Ўқилди: 1344 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!