Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Канадада авиаҳалокат оқибатида вафот этган ўзбекистонликлар дафн этилди

Канадада авиаҳалокат оқибатида вафот этган ўзбекистонликлар дафн этилди

Канадада 27 ноябрь куни енгил моторли шахсий самолёт қулаши натижасида асли ўзбекистонлик бўлган Отабек Облоқулов ва Бобомурод Набиев, шунингдек, уларнинг оила аъзолари (жами етти киши) ҳалок бўлган эди. Улар дам олиш учун Онтарионинг Маркхем шаҳридан Квебек провинциясининг Квебек шаҳри томон учаётган бўлган.

Фото: «Sof.uz»

«Sof.uz»нинг хабар беришича, Отабек ва Бобомуроднинг оиласи уларни Канадада дафн қилишга қарор қилган. Лекин Бобомуроднинг турмуш ўртоғининг ота-онаси ёлғиз қизини она юртига олиб кетиб, дафн қилиш ниятида. Шу сабабли отасининг тез орада Торонтога етиб келиши кутилмоқда.

6 декабрь, жума куни Торонто яқинидаги Скарборо шаҳридаги «Абу Бакр Сиддиқия» масжидида юзлаб ўзбекистонликлар ва бошқа мусулмонлар иштирокида 7 марҳумнинг жаноза намози ўқилган. Унда қатнашиш учун ўзбекистонликлар Американинг Хьюстон ва Чикаго каби шаҳарларидан ҳам етиб келган.

Фото: CTV News 

Намоздан сўнг 6 та тобут солинган автомашиналар юздан ортиқ киши кузатувида 25 километр шимолда жойлашган Ричмонд Ҳилл яқинидаги мусулмонлар қабристонига олиб борилган.

Фото: CTV News

Жасадлар олти киши учун қазилган битта қабрга дафн қилинди. Биринчи марҳум Отабек Облоқулов қабрга қўйилган. Унинг ёнига 15 ва 5 ёшли ўғиллари, қизи ва турмуш ўртоғи, ундан кейин Бобомурод Набиевнинг жасади қўйилган.

Қайд этилишича, ҳалокат ноқулай об-ҳаво сабабли юз берганми, техник носозлик сабаблими ёки инсон омилиданми — ҳозирча номаълум. Буни аниқлаш учун самолётнинг ҳамма бўлаклари Канада авиация хавфсизлик кенгаши томонидан олиб кетилган.

Фото: «Sof.uz»

Киритилди: 15:12 07.12.2019. Ўқилди: 3534 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!