Мамлакат Бош вазири Марк Карни Оттава эркин савдо бўйича музокараларда Қўшма Штатларнинг "шартларини қабул қилмаслигини" ва ўзига нисбатан талаблар қўйилишига йўл қўймаслигини маълум қилди.
Ҳозирда икки давлат ўртасида USMCA (Шимолий Америка эркин савдо келишуви) шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича жиддий келишмовчиликлар мавжуд. Вашингтон Канададан сут маҳсулотлари квоталари ва АҚШ спиртли ичимликлари маҳсулотларига қўйилган божлар масаласида сезиларли ён беришни талаб қилиб, ҳатто мажбурий чоралар қўллаш билан таҳдид қилмоқда.
Шунга қарамай, Канада томони айрим масалаларда ечимлар борлигини, лекин улар фақат кенг қамровли ва ўзаро манфаатли келишувнинг бир қисми бўлиши мумкинлигини билдирди. USMCA келишувини қайта кўриб чиқиш муддати 1 июлгача этиб белгиланган бўлса-да, томонлар ушбу муддат ичида якуний тўхтамга келиш эҳтимоли пастлигини тан олмоқдалар. Агар келишувга эришилмаса, шартнома 2036 йилда тугагунга қадар ҳар йили қайта кўриб чиқилиши мумкин.