Бугун 7 сентябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

ЖССТ: Эбола эпидемияси нафақат Конго, балки бутун минтақага таҳдид солмоқда

ЖССТ: Эбола эпидемияси нафақат Конго, балки бутун минтақага таҳдид солмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус Эбола эпидемияси Конго Демократик Республикаси билан чекланиб қолмай, қўшни давлатлар ва бутун минтақа учун ҳам хавф туғдираётганини билдирди.

Reuters хабар беришича, КДР ҳукумати маълумотларига кўра, мамлакатда Эбола эпидемияси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3000 нафардан ошган. Эпидемия мамлакатнинг шимоли-шарқий ҳудудларида тарқалишда давом этмоқда.

«Барча юқиш занжирлари аниқланиб, узилмагунча, эпидемия давом этади ва Конго, унинг қўшнилари ҳамда умуман минтақа учун хавф туғдиради», — деди ЖССТ раҳбари.

Тедроснинг таъкидлашича, кўплаб ўлим ҳолатлари инфекция манбаси билан алоқаси аниқланмаган одамлар орасида қайд этилган. Бу эса ҳали аниқланмаган инфекция юқиш занжирлари мавжудлигини кўрсатади.

Унинг айтишича, вафот этганларнинг айримлари ҳали ҳам хавфсизлик талабларига риоя қилинмаган ҳолда дафн этилмоқда. Бу эса вируснинг янада тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

ЖССТ раҳбари халқаро ҳамжамиятни КДР ҳукуматининг Эболага қарши кураш учун ишлаб чиққан 1,3 миллиард долларлик режасини молиялаштиришни кўпайтириш ва маблағларни тезроқ ажратишга чақирди.

Маълум қилинишича, Бундибугьё туридаги Эбола вируси эпидемияси КДР тарихидаги энг йирик ва хавфли эпидемиялардан бирига айланган. У 2018–2020 йиллардаги эпидемия кўламини ҳам ортда қолдирган.

ЖССТ потенциал вакциналарнинг клиник синовларини октябрь–ноябрь ойларида бошлашни режалаштирмоқда. Вирусга қарши даволаш усулларининг клиник синовлари эса аллақачон бошланган.

ЖССТ май ойида КДР ва Угандадаги эпидемияни халқаро миқёсда ташвиш уйғотувчи фавқулодда ҳолат деб эълон қилган эди. Ташкилот маълумотларига кўра, генетик таҳлил эпидемия аслида бир неча ой олдин — январь ва февраль ойларида бошланганини кўрсатган.

Киритилди: 17:32 03.09.2026. Ўқилди: 753 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!