Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) аномал иссиқ шароитида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган янгиланган тавсияларини эълон қилди.
Ташкилот маълумотига кўра, иқлим ўзгариши ва урбанизация жараёнлари таъсирида дунё бўйлаб кузатилаётган кучли иссиқ тўлқинлари жамоат саломатлиги учун тобора катта хавф туғдирмоқда. Бу эса касалланиш ва ўлим ҳолатларининг кўпайишига олиб келмоқда.
Қайд этилишича, сўнгги тўрт йил давомида Европа минтақасида жазирама оқибатида 200 мингдан ортиқ киши вафот этган. Энг юқори кўрсаткичлар Италия, Испания, Германия ва Грецияда кузатилган.
Янгиланган тавсияларда аномал иссиқ ҳақида барвақт огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш, аҳолининг хавф гуруҳларини ўз вақтида хабардор қилиш, шунингдек, шаҳарларда яшил ҳудудлар ва сув объектларини кўпайтириш каби чора-тадбирлар назарда тутилган.
ЖССТ, айниқса, 65 ёшдан ошган фуқаролар ҳамда сурункали касалликларга чалинган беморларга иссиқ ҳаво шароитида ўз саломатлигига алоҳида эътибор қаратишни тавсия этган.