Бугун 27 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Жиззахда короновирус ҳақида нотўғри аудиоёзув тарқатган шахсга ҳукм ўқилди

Жиззахда короновирус ҳақида нотўғри аудиоёзув тарқатган шахсга ҳукм ўқилди

Омонов Вали Омонович (Ф.И.Ш ўзгартирилган) 2020 йил 14 апрель куни Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасида тузилган «коронавирус» тезкор штабининг телефон рақамига қўнғироқ қилиб, мазкур штаб тезкор навбатчиси Н.Ниятовга Жиззах вилоятида прокурор ва унинг оила аъзолари инсон учун хавфли бўлган «коронавирус» инфекциясини юқтириб олганлигини айтиб шов-шув кўтарган воқеадан кўпчиликнинг хабари бор. Тезкор штаб ходимига ўша прокурор ўз ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда оила аъзоларини карантинли шифохонага ётқизмасдан РШТЁИМ Жиззах филиалига олиб борганлигини, у ерда уларни тиббий кўрикдан ўтказган «Соғлиқ» хусусий шифохонасининг шифокори Номозов Али Валиевич шифохонага бошқа касалликлар билан мурожаат қилган беморларни ҳам қабул қилиб келаётганлиги ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни маълум қилган эди. Навбатчи Н.Ниятовга унга нисбатан тегишли чора кўриш кераклигини, акс ҳолда тегишли идораларга ўзи мурожаат қилишини айтиб, ушбу суҳбат жараёнини ўзининг телефон аппаратига ёзиб олган.

«Sangzor.uz»нинг хабар беришича, В.Омонов ўша вақтнинг ўзида Жиззах вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг телефон рақамига ҳам қўнғироқ қилиб, марказнинг навбатчи шифокори У.Усаров ва навбатчи ҳамшираси С.Солиеваларга ҳам «Соғлиқ» хусусий шифохонасида ишловчи врач ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни айтиб, улар билан бўлиб ўтаётган суҳбат жараёни ёзиб олинган аудиоёзувни интернет тармоғи орқали тарқатиб юборишини маълум қилган.

Аслида «Соғлиқ» хусусий шифохонасини ва шу шифохонада ишловчи шифокор Номозов Али Валиевич инсон учун хавфли бўлган «коронавирус» инфекциясини юқтириб олган беморларни тиббий кўрикдан ўтказмаган бўлиб,  ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар ёзилган иккита аудиоёзув шу куннинг ўзида «Telegram» ижтимоий тармоғи орқали тарқатиб юборилди.

Суд жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳамда судланувчи В.Омоновнинг яшаш жойи бўйича маҳалла фуқаролари йиғини томонидан унга ижобий тавсифнома, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш бўйича илтимоснома ва кафолат хати тақдим этилганлигини инобатга олиб, уни Ўзбекистон Республикаси ЖК 2445-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топиб ЖКнинг 62-моддасига асосан 1 йил 9 ой 21 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади. В.Омонов дарҳол суд залида қамоқдан озод қилинди.

Киритилди: 10:53 12.08.2020. Ўқилди: 2877 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!