Бугун 16 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Жиззахда коронавирусга чалинганлар борми? Вазирлик изоҳи

Жиззахда коронавирусга чалинганлар борми? Вазирлик изоҳи

Ижтимоий тармоқларда Хитойда тарқалаётган коронавирус Ўзбекистонга кириб келгани, жумладан, Жиззах шаҳрида 20 нафардан ортиқ одам бу касалликка чалиниб бўлгани, айримлар ҳатто вафот этгани тўғрисидаги хабар тарқалмоқда.

“Телеграм” мессенжери орқали тарқатилаётган хабар матни қуйида жузъий таҳрирлашлар билан келтирилади.

«Ҳаммага салом. Жиззахда Хитойда чиққан янги короновирусдан ўлган одамлар бор. Областной больницада 20тадан ортиқ одам шу симптомларда ётибди. Эҳтиёт бўлинглар. Сир тутишяпти ҳозир. «Кўк бозор»ни ҳам бежизга ёпмаган.

Болаларингизга маска тутишни айтинглар, қўлларини совунлаб ювиб юрсин. Мактабда қўлини оғзига, бурнига, кўзига теккизмасин. Кўчадан ҳеч нарса сотиб олиб емасин. Ўғил болалар қўлини қўлига бериб саломлашмасин.

Симптомлари: нафас олиш қийинлашиши, йўтал, баланд температура.

Обл.больницада ишлайдиган одамдан олинган информация.

Бизда, Жиззахда хабаринглар бўлса хитойликлар кўп, «промзона»да ишлашади», – дейилади хабар матнида.

Биринчи қарашдаёқ на муаллифи бўлган, на сўзлари мантиқий боғланган бу хабар бирор расмий манбага асосланмагани кўриниб туради. Энг муҳими, бу каби касаллик аниқланган тақдирда ҳам беморлар матнда келтирилганидек «Обл.больница»га эмас, Вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқалаётган хабар юзасидан расмий баёнот ҳам берди.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятида коронавирус инфекцияси тарқалганлиги, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалида бемор мазкур касалликдан вафот этганлиги ҳамда бир гуруҳ беморларнинг ушбу вирус аломатлари билан даволанаётганлиги ҳақидаги хабарлар мутлақо асоссиз эканини маълум қилади.

Хитойдаги вазиятни инобатга олган ҳолда жорий йил январь ойидан бошлаб, республика чегара божхоналаридан ўтган фуқаролар санитария назорат пунктлари орқали тиббий назорат кучайтирилган ҳолда ўтказилмоқда. Вилоят даволаш профилактика муассасаларида фаолият кўрсатаётган шифокорларнинг коронавирус, грипп ва ўткир респиратор касалликлар бўйича ҳушёрлиги оширилган. Грипп ва ўткир респиратор вирусли касалликларга чалинган беморларнинг Хитой ҳудудида бўлганлиги тўғрисида суриштирувлар амалга оширилиб, уларда касалликлар аниқланганда тезкор равишда ётқизиш учун вилоят юқумли касалликлар шифохонасида махсус ўринлар ташкил этилган. Айни пайтда ушбу касалликка гумон қилинган беморлар аниқланмаган.

Шуни таъкидлашимиз зарурки, юртимиз ҳудудига коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аэропорт, вокзал ва автомобил чегара божхона постларида мавжуд санитария назорат постлари кучайтирилган режимда фаолият кўрсатмоқда. Тиббиёт муассасаларида ушбу касалликларни барвақт аниқлаш, уларни алоҳидалаб даволаш учун барча шароитлар мавжуд.

Шунингдек, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан мавсум жараёнида шаҳар ва туман даволаш профилактика муассасаларига грипп ва ўткир респиратор вирусли касалликларга чалинган беморлар тўғрисида маълумотлар олиниб, таҳлил этиб борилмоқда. Аҳоли ўртасида мавсумий юқумли касалликка чалинганларнинг барчаси назоратга олинган ва тегишли даво чоралари амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда вилоят аҳолисининг хотиржамлигини таъминлаш учун тегишли санитария тарғибот ва тушунтириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.

Айни пайтда Жиззах вилоятида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик вазият барқарор бўлиб, аҳолининг хавотир олишига ҳеч қандай сабаб йўқ.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус инфекцияси ва у билан боғлиқ вазият юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг (71) 276-46-65, (71) 276-49-66 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин», дейилади «Жиззахда коронавирус инфекцияси тарқалгани ҳақидаги хабарлар асоссиз» сарлавҳаси остидаги баёнотда.

 

Киритилди: 14:37 27.01.2020. Ўқилди: 7753 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!