Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Жиноят процессида ярашув институти янада такомиллаштирилади

Жиноят процессида ярашув институти янада такомиллаштирилади

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида, бир қатор Президент Фармонлари ва Қонунлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мантиқий давоми десак муболаға бўлмайди.

Барчамизга маълумки, 2001 йил 29 августда қабул қилинган “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунига асосан ярашув институти амалиётга жорий этилди.

Айтиш керакки, ушбу институт жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг бир тури бўлиб, шахснинг айбдорлик масаласини ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асос бўлади.

Ўтган давр мобайнида мазкур институт жабрланувчининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, судланганлик ҳолатини камайтириш, жиноий жавобгарликдан озод қилиш институтининг кенгроқ қўлланишига имкон яратди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 583-моддасида ярашув тўғрисидаги ариза жабрланувчи (фуқаровий даъвогар) ёхуд унинг қонуний вакили томонидан суриштирув ва дастлабки терговнинг, шунингдек суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд маслаҳатхонага киришдан олдин берилиши мумкинлиги қатъий белгилаб қўйилган.

Бироқ, амалиётда биринчи босқич суди ЖКнинг 661-моддасида кўрсатилган жиноятлар тоифасига киритилган ишларни кўриш жараёнида тарафлардан ярашув ҳақидаги ариза келиб тушмаган тақдирда иш юзасидан айблов ҳукми чиқарилгандан сўнг, тарафлардан ярашув ҳақидаги аризалар келиб тушиши ҳоллари кўплаб учрамоқда.

Бундан ташқари, Қонунчилигимизда суд ишни кўриб чиқиб, айбдорнинг ҳаракатларини ярашув институти доирасига тушадиган Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддасига ўзгартирган ҳолларда унга нисбатан ЖКнинг 661-моддасини қўллаш имконияти мавжуд эмас эди.

Муҳтарам Президентимизнинг юқорида қайд этилган Фармонига мувофиқ, шахсга эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъий назар, ярашув институти доирасига тушадиган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаси ёки қисмига ўзгартирилган ҳолларда ярашув институтини қўллаш тартибини жорий қилиш бўйича қонунчиликка ўзгартиш киритиш таклифига розилик берилган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 661-моддасида оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинмаслиги белгиланган.

Бироқ, амалиётда оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ушбу моддаларда назарда тутилган жиноятларни эҳтиётсизлик натижасида содир қилган ва айбига иқрор бўлиб, жабрланувчи билан ярашиб, етказилган зарарни тўлиқ қоплаган тақдирда ҳам жиноий жавобгарликка тортилмоқда.

Юқорида қайд этилган Фармонда оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилмаслигига оид қоида вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар ва эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмаслиги ҳақидаги тартиб ўрнатилади.

Хулоса қилиб айтганда, жиноят қонунчилигига ярашув институти халқимизга хос бағрикенглик, кечиримлилик каби олийжаноб қадриятларнинг амалий ифодаси бўлиб, ушбу институтни янада такомиллаштириб бориш айни муддаодир.

Нозимжон Жураев

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро туман суди раиси

 

 

Киритилди: 22:38 14.08.2020. Ўқилди: 5324 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!