2026 йилги Жаҳон чемпионати баҳслари Эль-Ниньо океан иссиқлик тўлқини оқибатида бошқа саналарга кўчирилиши мумкин. Мазкур иқлим ҳодисаси АҚШ ва Мексика ҳудудларида кучли бўронлар ҳамда ноқулай об-ҳаво шароитларини келтириб чиқариши кутилмоқда.
Жумладан, 11 июнь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган Мексика — Жанубий Африка Республикаси ўртасидаги турнирнинг очилиш учрашуви ҳам хавф остида қолмоқда. Бу ҳақда AccuWeather компанияси метеоролог-таҳлилчиси Алекс Даффус маълум қилди.
«Мехико шаҳри ҳудудида 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг илк учрашуви вақтида ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши хавфи ортиб бормоқда. Тропик намликнинг бу даражада кучайиши диққатимизни тортди, чунки у янада жиддий ҳодисага айланиши мумкин», — деди Даффус The Sun нашрига берган маълумотида.
Эслатиб ўтамиз, 3 июнь куни Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида ўтказилган Гаити — Янги Зеландия ўртоқлик учрашуви кучли ёмғир ва чақмоқ сабабли 36 дақиқага кечиктирилган эди. Учрашув Гаити терма жамоасининг 4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.