Жанубий Африканинг Лимпопо провинциясида сув тошқини 25 кишининг ҳаётига зомин бўлди.
Бу ҳақда маҳаллий EWN радиостанцияси хабар берди.
Маълумотларга кўра, яна уч киши бедарак йўқолган. Қидирув ишлари давом этмоқда.
Аввалроқ минтақавий ҳукумат раҳбари Поппи Раматуба брифингда сув тошқини вилоятга 7,9 миллиард ранд (493,6 миллион доллар) зарар етказганини маълум қилган эди. У Жанубий Африка ҳукуматидан тикланиш ишлари учун қўшимча маблағ сўраб мурожаат қилган эди.
Январь ойида узоқ давом этган ёғингарчилик Жанубий Африканинг шимолий ва шарқий қисмида сув тошқинларига сабаб бўлди. Расмийлар бешта провинсияда табиий офат эълон қилишди. Лимпопо ва Мпумалага провинциялари сув сатҳининг кўтарилишидан энг кўп зарар кўрди, қурбонлар сони қайд этилди. Сўнгги кунларда Жанубий Африкада ёғингарчилик интенсивлиги пасайди.