Жанубий Африка Республикасининг Гаутенг вилоятида жойлашган кўнгилочар масканга уюштирилган қуролли ҳужум оқибатида 9 киши ҳалок бўлди, яна 10 нафар яраланди.
Полиция маълумотларига кўра, 10 нафар қуролланган шахс Йоханнесбург жанубидаги Беккерсдал аҳоли пунктида жойлашган муассасага бостириб кириб, одамлар устига тартибсиз ўқ узган. Ҳужумчилар қочаётганларга орқасидан ҳам ўқ узишган, шунингдек, йўлдан ўтаётган автомобилни нишонга олиб, ҳайдовчини ўлдирган.
Сўнгра жиноятчилар ҳалок бўлган ва яраланган шахсларни талон-тарож қилиб, пул, телефон ва қимматбаҳо буюмларни олиб, ўғирланган икки автомобилда воқеа жойидан қочиб кетишган.
ЮАР ҳокимияти фуқароларни эҳтиёткор бўлишга чақираётганини маълум қилди. Мамлакат жиноятчилик даражаси юқори бўлган давлатлар қаторига киради.