Жапаров бу ҳақда Америка-Қирғизистон бизнес кенгаши томонидан берилган мукофотни қабул қилиш маросимида маълум қилди.
Унинг сўзлари The New York Times газетасида Қирғизистон иқтисодиёти ўсиши санкция остидаги товарларни Россияга етказиб беришда воситачи сифатида фойдаланилаётгани билан боғлиқ, деган мақола чоп этилганидан кейин янгради.
Жапаровнинг таъкидлашича, Қирғизистон аввал ҳам Россияга турли товарларни етказиб келган, аммо ҳарбий маҳсулотларни етказиб бермаган.
«Санкциялар рўйхатига киритилган бирорта ҳам товар биз томонимиздан Россияга ҳужжатда ҳам, амалда ҳам юборилмаган. Биз санкцияларни ҳурмат қиламиз, БМТ қоидаларини ҳурмат қиламиз», — деди Жапаров.
Осиё тараққиёт банки маълумотларига кўра, сўнгги тўрт йилда Қирғизистон иқтисодиёти ўсишининг 30–40 фоизи реэкспорт фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Иқтисодий ўсишга олтин нархининг ошиши, молия ва криптовалюта секторининг кенгайиши ҳамда давлатнинг қурилиш соҳасига йирик харажатлари ҳам таъсир кўрсатган.