Мурожаат янги президентлик сайлови ўтказилиши масаласи бўйича йўлланди.
Қирғизистон Республикаси Конституциявий судига президент Садир Жапаровнинг амалдаги давлат раҳбарининг ваколатларини амалга ошириш муддатлари ва навбатдаги ёки муддатидан илгари президентлик сайловларини тайинлаш тартибига оид Конституция нормаларига расмий шарҳ бериш тўғрисидаги тақдимномаси келиб тушди. Бу ҳақда Конституцион суд матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, мурожаат қилиш зарурати ижтимоий-сиёсий маконда ва экспертлар муҳитида конституциявий қоидаларни талқин қилиш бўйича мутлақо қарама-қарши позициялар шакллангани билан боғлиқ.
Гап 2010 йилги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ сайланган президент ваколатлари муддатининг бошланиш вақти ва давомийлигини, шунингдек, навбатдаги ёки муддатидан илгари сайловларни ўтказишни тартибга солувчи нормалар ҳақида бормоқда.
Тақдимномада 2021 йил 11 апрелдаги референдумда қабул қилинган “Қирғизистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Қонуннинг қоидалари, бир қатор экспертларнинг фикрига кўра, 2010 йил 27 июндаги таҳрирдаги Конституция нормалари билан биргаликда қўлланилганда ноаниқ талқин қилинишига йўл қўйиши ва зиддиятларни келтириб чиқариши кўрсатилган.
Тақдимнома Конституциявий суд томонидан 17 феврал куни кўриб чиқилади.