AFP агентлигининг ёзишича, Ли Чжэ Мён Х ижтимоий тармоғида Исроил ҳарбийлари фаластинликни ўлдириб, бино томидан улоқтираётгани акс этган шов-шувли видеони улашиши ортидан Исроил ТИВ кескин эътироз билдирди. Исроил томони ушбу видеони 2024 йилги эски ва сохта хабар деб атади.
Бунга жавобан Ли Чжэ Мён Исроилни инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамжамият танқидларига бефарқликда айблади.
Давлат раҳбари кадрларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш зарурлигини айтиб, айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди.
"Бу ҳақиқатга тўғри келадими, агар тўғри бўлса, қандай чоралар кўрилганини аниқлашимиз керак. Содир бўлаётган воқеалар аёлларни мажбурий эксплуатация қилиш, Холокост ёки уруш пайтидаги оммавий қотилликлардан фарқ қилмайди - буларнинг барчасига биз қатъий қарши турамиз," - деди Жанубий Корея раҳбари.
Жанубий Корея президентининг хабари мамлакат ичида фаол муносабатга сабаб бўлди. Кўплаб корейс фойдаланувчилари изоҳларда Ли Же Мённинг позициясини қўллаб-қувватлаб, Исроилнинг минтақадаги ҳаракатларини қоралади. Қисқа вақт ичида ёзув 3,5 миллионга яқин ўзаро таъсирга эга бўлди.
Кузатувчиларнинг алоҳида эътиборини тортган нарса шундаки, Ли Же Мён биринчи марта Исроил ҳукуматини очиқ ва ошкора танқид қилди.
Жанубий Корея ТИВ эса вазиятни юмшатишга уриниб, президентнинг сўзлари муайян воқеага эмас, балки "умуминсоний ҳуқуқларга" қаратилганини маълум қилди.