Бугун 8 май, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Измирда ҳамон ер қимирлаяпти

Измирда ҳамон ер қимирлаяпти

Кеча, 30 октябрь куни Туркиянинг Измир шаҳрида кучли ер силкиниши содир бўлди. Ҳаётимда бунчалик қаттиқ зилзилани кўрмаган эдим. Уйда 11 яшар ўғлим иккимиз эдик, уни қаттиқ қучоқлаганча дуо ўқиб, силкинишнинг ўтиб кетишини кутдим. Ўша сонияларда нималардир қасир-қусур, тарақ-туруқ қилганидан баттар ваҳима бўлиб, уй бизни босиб қолади деган фикр хаёлимдан кетмай қолди. Нима қилсам, ўғлим омон қолиши мумкин деган деб ўйладим нуқул. Ер силкиниши тўхташи билан ўғлим иккимиз ўзмизни ташқарига отдик, бешинчи қаватдан қандай югуриб тушганимни эслолмайман... Аллоҳга минг шукр, Ўзи асради. Биз яшайдиган бинога зарар етмади, умуман биз яшайдиган мавзеда талафотлар йўқ. 

Зилзила маркази шаҳар ташқарисидаги Сефериҳисар тумани соҳилларида, Эгей денгизида экани айтилди. Магнитудаси 6,6 га тенг бўлибди. Сефериҳисарда кички цунами келиб чиққан.  Тарқатилган маълумотларга қараганда, кечадан бери тўрт юзга яқин афтершоклар юз берган, сал кучлироқларини ҳис қилиб турибмиз. 

Ер силкинишидан Измир шаҳрининг Байрақли ва Борнова туманлари айниқса кўпроқ зарар кўрди. Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг сўнгги маълумотига кўра, зилзила туфайли 24 киши ҳалок бўлди, жами 804 киши яраланди. Нафақат Измирда, балки унинг атрофидаги Маниса, Баликесир ва Айдин вилоятларида ҳам жароҳат олганлар бор. 

Измирда 17 та кўп қаватли бино қулаб тушган. Қутқарувчилар кечаси билан ишлаб, вайроналар остида омон қолганларни қидиришди. Шу пайтгача саккизта бинода қидирув-қутқарув ишлари тугатилди, тўққизтасида ҳали ҳам давом этяпти. Бир неча киши тирик қутқарилди ва касалхонага олиб борилди. 

Убайдуллоҳ Адҳамов

Киритилди: 13:36 31.10.2020. Ўқилди: 2740 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!