Аnadolu нашрининг хабар беришича, Исроил армияси (ЦАХАЛ) Сурия жанубидаги Дераа ва Қунайтра вилоятлари ўртасида жойлашган Ярмук дарёси ҳудудига самолётлардан таҳдидли варақалар ташлади. Бу ҳудудда Исроил қўшинлари ўз босқинини давом эттирмоқда ва ҳарбий иштирокини кенгайтирмоқда.
Маҳаллий манбаларнинг маълум қилишича, бу воқеа аҳоли Исроил қўшинларининг Сурия ҳудудига киришига халақит бериш учун йўлларни тошлар билан тўсиб қўйганидан сўнг юз берган.
Варақаларда Исроил армиясига қарши барча ҳаракатларни, жумладан, йўлларни тошлар билан тўсишни тўхтатиш талаб қилинган. Шунингдек, ҳарбийлар минтақадаги фаолиятини мавжуд барча воситалардан фойдаланган ҳолда давом эттириши ҳақида огоҳлантирилган.
Исроил армияси Дераа ва Қунайтрада мунтазам равишда рейдлар ва тинтувлар ўтказиб, назорат-ўтказиш пунктларини ўрнатмоқда ҳамда тинч аҳолини қўлга олмоқда. Бунга жавобан Дераа аҳолиси Исроил қўшинларига огоҳлантириш берди:
"Хавфсизлигингиз учун кириш тақиқланади. Биз ўз еримизни бор кучимиз билан ҳимоя қиламиз".
Сурияда 2024 йилда Башар Асад режими ағдарилганидан сўнг, Исроил 1974 йилдаги Кучларни ажратиш тўғрисидаги битимни бузган ҳолда Дераа ва Қунайтранинг босиб олинган ҳудудларида ҳарбий постлар ўрнатди. Ўшандан бери у ерда 50 дан ортиқ киши қўлга олинган.