Исроил АҚШ бу қарорни маъқулласа, Ғазо сектори аҳолисини урушдан вайрон бўлган ҳудуддан кўчиришга тайёр.
Бу ҳақда Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац Ynet портали ташкил этган конференцияда маълум қилди.
«Охир-оқибат, Ғазо учун аҳолининг бу миграциясисиз ҳақиқий ечим йўқ», — деди у.
АҚШ президенти Дональд Трамп 2025 йилда Ғазо секторининг қарийб 2 миллион аҳолисини Миср ва Иорданияга кўчиришни таклиф қилган эди. Бироқ кейинчалик АҚШ ва Яқин Шарқдаги кескин норозиликлар ортидан бу ғоядан чекинган.
Кацнинг сўзларига кўра, Трамп «ўз ғоясидан воз кечмаган, балки араб давлатлари босими остида уни фақат музлатиб қўйган».
«Бироқ режа бекор қилинмаган, у ҳозир ҳам доимий муҳокамалар мавзуси бўлиб қолмоқда. Қачонки ҲАМАС АҚШнинг Ғазо бўйича тинчлик режасидаги мажбуриятларини бажармаётгани аниқ бўлса, шунда биз ҳарбий, ҳудудий ва бошқа йўналишларда ҳаракат қилиш учун яшил чироқ оламиз», — деди Исроил мудофаа вазири.