Бугун 4 июнь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Исроил фаластинлик аёл футболчини ҳибсга олди

Исроил фаластинлик аёл футболчини ҳибсга олди

Исроил ҳукумати Фаластин аёллар миллий терма жамоасининг 20 ёшли футболчиси Ренд Ҳалаванийни ҳибсга олди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Ҳалаваний 2 июнь куни Қуддус шаҳрига сўроққа чақирилган ва 5 июнга қадар ҳибсда қолиши белгиланган. Полиция айбловга аниқлик киритмаган. Фаластин футбол ассоциацияси мазкур қадамни қоралаб, буни фаластинлик спортчиларни тизимли равишда нишонга олиш борасидаги хатти-ҳаракатларнинг бир қисми деб атаган.

Исроил ҳарбийлари 2 июнь куни босиб олинган Ғарбий Соҳилда собиқ миллий футболчи, Бирзеит университети талабаси Натали Абу Диеҳ ва яна уч нафар ёш фаластинлик аёлни ҳам ҳибсга олган. Улар террорчилик фаолиятини ҳамда терроризм билан боғлиқ қўшимча ҳаракатларни тарғиб қилишда гумонланмоқда.

Бирзеит университети ушбу ҳибсларни Исроилнинг Фаластин таълими ва талабаларнинг академик фаолиятини давом эттириш ҳуқуқини нишонга олувчи тизимли сиёсатининг бир қисми деб атади.

Фаластин ҳудудларидаги маҳбуслар ҳуқуқлари бўйича асосий уюшма — Маҳбуслар клуби маълумотларига кўра, ҳозирда Исроил қамоқхоналарида 89 нафар фаластинлик аёл, жумладан, уч нафар вояга етмаган қиз ва уч нафар ҳомиладор аёл сақланмоқда. Май ойи охирида Исроил қамоқхоналарида жами 9400 дан ортиқ фаластинлик, жумладан, Исроил фуқаролигига эга фаластинликлар борлиги қайд этилган.

Киритилди: Бугун 13:58. Ўқилди: 241 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!