Бугун 14 октябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан ажратилиши мумкин

Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан ажратилиши мумкин

Президент фармони лойиҳасига кўра, кўмир сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш бўйича ёрдам энди нафақат Ижтимоий реестрдаги оилаларга, балки оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 2 бараваригача бўлган оилаларга ҳам берилади. Бу ёрдамни тўлаш муддати 2029 йил 1 январгача узайтирилади.

2026/2027 йилги иситиш мавсумида, жумладан, жорий йилнинг ноябрь ойида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Маблағ 2026 йил 30 ноябрга қадар фуқароларнинг ижтимоий карта ёки банк картасига ўтказилади.

“Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан коммунал харажатларни қоплаш, коммунал қарздорликни ёпиш ҳамда кўмир ва бошқа ёқилғи харажатларини қоплаш учун бериладиган ёрдам ҳам МИХнинг 2 бараваригача даромади бўлган оилаларга татбиқ этилади.

Марказлашган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар учун даромад мезони Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда МИХ 2 баравари, Тошкент шаҳрида эса 3 баравари этиб белгиланмоқда.

Қўшимча рўйхатни шакллантиришда биринчи навбатда боқувчисини йўқотган оилалар, I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган аъзолари бор оилалар, ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган оилалар, узоқ муддатли даволанишга муҳтож шахслар яшовчи оилалар инобатга олинади. Бундай рўйхатдаги оилалар сони тегишли туман (шаҳар) бўйича Реестрдаги оилалар сонининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.

Бундан ташқари, электр энергияси ва табиий газ бўйича компенсация, кўмир учун ёрдам ҳамда «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали бериладиган ёрдам олиш учун даромад мезонини МИХ 2 бараваригача ошириш таклиф этилмоқда. Электр ва табиий газ бўйича компенсация муддати 2028 йил 1 апрелгача, кўмир учун ёрдам муддати эса 2029 йил 1 январгача узайтирилади.

Киритилди: 21:05 13.10.2026. Ўқилди: 324 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!