Бугун 3 февраль, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Интернетда сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик ва безориликлар учун жарима ёки қамоқ жазоси белгиланади

Интернетда сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик ва безориликлар учун жарима ёки қамоқ жазоси белгиланади

3 февраль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида интернетда ҳақорат ва безорилик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Лойиҳа билан телекоммуникация ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоқларида уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ва жамоат тартибини бузувчи бошқа шу каби ҳаракатлар учун ҳам маъмурий жавобгарлик жорий этилмоқда. Ушбу норма жамоат тартиби ва фуқароларнинг осойишталигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли саналади.

Бундан ташқари, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувлар ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш учун ҳам маъмурий жавобгарликни белгилаш назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида шахс томонидан содир этилган ўз ҳуқуқбузарлигини тарғиб қилувчи материалларни ОАВ ва Интернет тармоқларида тарқатиш учун ҳам жавобгарлик белгиланади. Бу ҳуқуқбузарликларни оммалаштириш ва уларга тақлид қилиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар жамиятда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш, янги турдаги ҳуқуқбузарликлар пайдо бўлишининг олдини олиш, аҳоли, айниқса, ёшларга салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган Алишер Қодиров Мамурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183-моддасига 1-қўшимча билан, ижтимоий тармоқларда ҳақорат қилиш, камситиш, жамоат ва фуқаролар осойишталигини бузадиган ёки шунга ўхшаш ҳаракатлар учун 5 миллион сўмгача жарима ёки 10 сутка қамоқ белгиланаётганини қайд этган.

Киритилди: Бугун 18:30. Ўқилди: 312 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!