Жакарта яқинидаги Бекаси шаҳрида иккита поезд тўқнашиб кетиши натижасида камида тўрт киши ҳалок бўлди ва 38 киши жароҳатланди. Тўқнашув Бекаси темир йўл станциясида шаҳар атрофига қатновчи поезд ва узоқ масофага ҳаракатланувчи поезд иштирокида содир бўлган.
Индонезия темир йўл компанияси матбуот котиби Энн Пурбанинг маълум қилишича, узоқ масофага ҳаракатланувчи поезднинг барча 240 нафар йўловчиси хавфсиз жойда. Шаҳар атрофига қатновчи поездда қанча одам бўлгани ва жароҳатланган йўловчиларнинг аниқ сони ҳозирча номаълум.
Мамлакат парламенти спикери ўринбосари Суфми Даско Аҳмад қурбонлар сони ортиши мумкинлигини истисно қилмади. Ҳозирда воқеа жойида қутқарувчилар ва 20 га яқин тез ёрдам машинаси ишламоқда. Қутқарувчилар вагонлар ичида қолиб кетган йўловчиларни чиқариб олиш учун махсус ускуналардан фойдаланишяпти.
Жакарта полицияси бошлиғи Асеп Эди Сухерининг сўзларига кўра, ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича тергов ишлари давом этмоқда.