Индонезиянинг Марказий Ява вилоятида автобус иштирокида содир бўлган йирик йўл-транспорт ҳодисасида камида 16 киши ҳалок бўлди, кўплаб йўловчилар жароҳат олди.
Ҳодиса Душанбе кечаси Семаранг шаҳри яқинидаги пулли трассада юз берган. Расмийларга кўра, Жакартадан Йогьякартага йўл олган автобус ҳайдовчиси Крапьяк пулли участкаси яқинида бошқарувни йўқотган. Натижада транспорт воситаси бетон тўсиққа урилиб, ён томонига ағдарилган.
Қидирув-қутқарув ишлари координатори Будёно маълум қилишича, 34 нафар йўловчи бўлган автобус бурилишли йўлда ағдарилиб кетган, айрим йўловчилар автобус кузови билан тўсиқ орасида қисилиб қолган.
Оқибатда 6 киши воқеа жойида, яна 10 нафар эса шифохонага етказилаётган пайтда ёки тез ёрдам бўлимида вафот этган. Жароҳат олган 18 киши икки яқин шифохонага ётқизилган, улардан 5 нафари аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.