Бугун 7 апрель, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Ички ишлар ходимлари учун махсус ўқув курслари бошланди

Ички ишлар ходимлари учун махсус ўқув курслари бошланди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2026 йил 13 март куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.

Ушбу йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида ички ишлар органлари ходимлари учун махсус ўқув курслари бошланди.

Уч кунлик машғулот ички ишлар органлари ходимларининг аҳоли билан самарали мулоқот қилиш, фуқаролар мурожаатларини тизимли ва манзилли ҳал этиш, шунингдек, уларнинг касбий компетенциялари ҳамда психологик тайёргарлигини оширишга қаратилган муҳим ташаббус сифатида йўлга қўйилди.

Курс дастурига кўра, тингловчилар аҳоли муаммоларини чуқур таҳлил қилиш, уларга манзилли ечим топиш, фуқаролар билан мулоқотда замонавий ёндашувларни қўллаш бўйича назарий билимини мустаҳкамлаб, амалий кўникмани ривожлантиради.

Шу билан бирга, машғулотлар жараёнида давлат хизматчилари одоб-ахлоқи, хизмат интизоми, аҳоли билан ишлашнинг илғор усулларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур ўқув-тренинг машғулотлари давомида халқаро тажрибаларга асосланган ҳамда миллий уйғунликдаги махсус ўқув дастури ишлаб чиқилди, – деди академия проректори Носиржон Асқаров. – Асосий мақсад – коррупцияга тоқатсиз ҳамда фуқароларнинг дардини тинглай оладиган, мурожаатларни янги тартибда ҳал қиладиган, ҳар бир масалани бевосита ўзига дахлдор, яъни шахсий бир мурожаат сифатида қабул қиладиган ходимларни тайёрлашга қаратилган.

Шунингдек, ўқув дастури доирасида тергов ва суриштирув жараёнларида қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш механизмлари, коррупцияга қарши курашишнинг замонавий ёндашувлари каби долзарб мавзулар қамраб олинади.

Бу иштирокчиларнинг нафақат касбий, балки маънавий-маърифий салоҳиятини ҳам юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Маълум қилинганидек, видеоселектор йиғилишида Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига ички ишлар органлари фаолиятига оид мурожаатлар ҳалигача кўплаб тушаётгани, айрим ҳолларда ходимлар муомаласи ва хизмат фаолияти юзасидан салбий фикрлар билдирилаётгани танқидий муҳокама қилинган эди.

Ўқув курси машғулотларига Президент Администрацияси, Олий Мажлис Сенати, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адвокатлар палатаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази вакиллари, шунингдек, малакали профессор-ўқитувчилар, олимлар ва экспертлар жалб этилган.

Иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари дастлаб кириш тестлари орқали баҳоланиб, натижаларга кўра гуруҳларга ажратилди ҳамда ҳар бир тингловчи билан индивидуал ёндашув асосида иш олиб бориляпти.

Амалий машғулотларда реал кейслар, симуляцион вазиятлар орқали қарор қабул қилиш, стрессга чидамлилик, хизмат самарадорлигини ошириш каби муҳим кўникмалар шакллантирилади.

Киритилди: 22:07 06.04.2026. Ўқилди: 209 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!