* * *
Сигир сигирга деди:
— Экология негадир ўзгариб кетди. Қаёққа қарама, ҳали у сигир ўлган, ҳали бу сигир касалланган...
— Ҳечқиси йўқ... Энг асосийси, биз ўрдаклар тинч бўлсак бас.
* * *
Саҳрода икки тўғноғич судралиб кетиб боришарди. Бири иккинчисига деди:
— Жуда исиб кетдими ҳаво?!.
— Тугмаларингни ечиб ол, салқин тортасан!
* * *
Аэропорт раҳбари ходимлардан бирига деди:
— Чет элдан келаётган самолёт қулаб тушибди. Яқинларини кутаётганларга юмшоқроқ қилиб тушунтиринг!
— Азиз кутиб олувчилар, уйларингизга кетинглар!
* * *
— Дугонажон, эринг қалай? Ҳалиям уйқу орасида томга чиқиб кетадиган одатини ташламадими?
— Ташлади.
— Йўғ-э!
— Ҳа, яқинда томдан йиқилиб тушди.
* * *
Эркакни дафн этишаяпти. Ўткинчи сўради:
— Бу одам нимадан ўлибди?
— Сиз қабртошдаги ёзувни ўқинг.
Ўткинчи қабртошдаги ёзувни ўқий бошлади:
— Севимли хотинининг дастидан... Қайнонасининг дастидан... Солиқчининг дастидан...
* * *
Аёл «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилаяпти.
— Тез етиб келинглар! Эримнинг иситмаси 50 га чиқиб кетди!..
— Кечикибсиз! Яхшиси, ўт ўчирувчиларга хабар беринг!
* * *
Ўғри бошқа бир ўғридан сўради:
— Колбасани қаердан олдингиз?
— Ҳов анави дўкондан.
— Одам кўп эмасми?
— Э, сотувчисиям йўқ.
* * *
Тиқилинчда бир эркак бировнинг оёғини босиб олди. Оёқ оғриғига чидай олмаган одам овозининг борича бақирди:
— Эшшак!..
Оёқ босиб олган эркак хотиржам оҳангда сўради:
— Мен ветеринарман! Сизга қандай ёрдамим тегиши мумкин?
* * *
— Бошингга тушган ташвишдан хабар топиб жуда қайғурдим. Қара-я, Тошматнинг хотининг билан қочиб кетишга қандай виждони йўл қўйди экан? Ахир, у энг яқин дўстинг эди-ку!
— Ҳозир ҳам яқин дўстим. Фақат буни унинг ўзи билмайди.
* * *
Эр тонг саҳарда жазманиникидан уйга қайтди. Эшик рўпарасида тўхтади-да, деворнинг оқ бўёғидан юзларига, кийимларига суртиб олди ва уйга кириб хотинига деди:
— Хотинжон, кечир! Кеча кечқурун биринчи муҳаббатимни учратиб қолгандим... Ўзимни бошқара олмадим...
— Ёлғон гапиришни бас қилинг!.. Яна туни билан бильярд ўйнадингизми?
* * *
— Эшматнинг айтишича, хотини ўн кун аввал уни ташлаб кетибди. Ҳалиям қайтмаганмиш.
— Хўш, Эшматга сен қандай маслаҳат бердинг?
— Шу муносабат билан зиёфат уюштиришдан аввал яна бир неча кун ҳар эҳтимолга қарши кутишни маслаҳат бердим.
* * *
Пиёниста шишадошига деди:
— Кеча уйга келсам, хотиним бегона эркак билан ётоқхонамда ўтирибди. Хафа бўлиб кетдим... Ошхонага чиқдим. Стол устига икки шиша ароқ қўйилибди. Ҳаммасини аламимдан ичиб тугатдим-у, ўрнимдан турдим. Қарасам, бегона квартирага кириб қолган эканман.