Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Ҳукм ўзгарди: навоийлик фуқаронинг жазоси енгиллаштирилди

Ҳукм ўзгарди: навоийлик фуқаронинг жазоси енгиллаштирилди

 Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2016 йил 26 октябрдаги ҳукмига кўра, А. Ўзбекистон Республикаси ЖК 221-моддаси 2-қисмининг “б” банди билан айбли деб топилиб, 3 йил, ЖКнинг 60-моддаси тартибида 3 йил 2 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Суднинг ҳукмига кўра, А. 64/29-сонли жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўташ давомида муассасанинг кун тартиби қоидаларини мунтазам равишда бузиб, маъмурият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмагани учун икки маротаба интизомий бўлинма ва бир маротаба “карцер” интизомий жазосига тортилган бўлишига қарамай, 2016 йил 1 июнь куни 1-навбат билан муассаса ишлаб чиқариш корхонасининг “ғишт ишлаб чиқариш цехи”га ишга чиқиб, шу куни соат 1640да ўзига берилган иш нормасини бажармай, ҳеч кимнинг рухсатисиз механика цехининг ёнида шахсий ишлари билан шуғулланиб юрган. Туркум бошлиғи капитан
З. ундан иш жойини ташлаб кетиш сабабини сўраганида у ходимни алдашга уриниб, берган саволларига жавоб беришдан бош тортиб, ҳурматсизлик қилиб, рухсатсиз ходимнинг ҳузуридан кетиб қолгани учун муассаса бошлиғининг 2016 йил 3 июндаги 12-сонли қарорига асосан 16 кун карцерга киритилган.

Бундан ташқари, А. билан олиб борилган тарбиявий тадбирлардан ўзига тегишли ижобий хулоса чиқармасдан, муассаса маъмурияти ходимлари унга ўрнатилган ички тартиб қоидаларига бўйсунмаса жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантириб, тилхат олинишига қарамасдан, 2016 йил 12 август куни
1-навбат билан муассаса ишлаб чиқариш корхонасининг “ғишт ишлаб чиқариш цехи”га ишга чиқиб тахминан соат 1130 ларда ўзига белгиланган иш жойини сўроқсиз ташлаб кетиб, кийим алмаштириш хонасига бориб, ўзининг шахсий ишлари билан шуғуллангани учун туркум бошлиғи капитан З. хизмат хонасига чақиртирилиб, ундан содир этган тартиббузарлигини сабабларини сўраганида у ходимнинг берган саволларига жавоб беришдан бош тортиб, ходимга нисбатан қўпол муомалада бўлган ва маъмурият ходимининг қонуний талабларини бажаришдан бош торган.

Суд ҳукмида А.нинг ғараз ёки бошқача паст ниятларда жиноят содир қилганлиги жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътиборга олинган.

Қонуннинг мазмунига кўра жиноятни ғараз ниятда содир этилган деб топиш учун шахс моддий наф олиш мақсади билан ҳаракат қилганлиги исботланиши лозим.

Ўз навбатида, жиноятни бошқа паст ниятларда содир этилган деб топиш учун шахснинг кўролмаслик, қасд олиш, мансабпарастлик, безорилик мотивлари ёки ахлоқий талабларга жавоб бермайдиган бошқа мотивлар билан ҳаракат қилганлиги исботланиши лозим.

Бироқ, А.нинг ҳаракатларида ғараз яъни моддий наф олиш белгиси борлиги ёки бирор бир паст нияти борлиги кўринмайди ва ишдаги далиллар билан тасдиқланмаган.

Шу боис, судлов ҳайъати, А.нинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб ҳисоблаб, Ўзбекистон Республикаси ЖК 221-моддаси
2-қисмининг “б” банди ва ЖКнинг 60-моддаси тартибида тайинланган 3 йил 2 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосини 2 йил 2 кунга келтириб, жазо тўлиқ ўталганлиги боис А.ни жазони ижро этиш муассасаларидан дарҳол қамоқдан озод қилишни белгилади.

                                                                                                     

          С.Найимов,

 КСҲ-4-03/126-19-сонли ажрими

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро вилоят судининг

судьяси

Киритилди: 14:05 29.11.2019. Ўқилди: 1854 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!