Гўшт импорти бир неча ойлик ўсишдан кейин қисқара бошлаган, нарх ошишда давом этмоқда
2025 йилнинг ўтган 10 ойи давомида ойма-ой ўсиб келган гўшт импорти ноябрга келиб ҳажмда ҳам, суммада ҳам қисқара бошлаган (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш давом этмоқда).
Ноябрь ойида Ўзбекистонга 80,6 млн.долларлик гўшт маҳсулотлари импорт қилинган (октябрдаги рекорд 91,9 млн.доллар эди). Импортнинг 59,0 млн.долларлик қисми мол гўшти, 8,6 млн.доллари қўй гўшти ва 6,2 млн.доллари товуқ гўшти.
Импорт мол ва қўй гўштининг нархи ошишдан тўхтамаган. Ноябрда мол гўшти килоси ўртача 4,51 доллардан (+0,07 доллар), қўй гўшти 2,86 доллардан (+0,20 доллар) импорт бўлган. Товуқ гўшти импорти эса 1,14 долларгача (-0,04 доллар) арзонлаган.