Бугун 27 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Гиёҳвандликдан халос бўлиш мумкинми? «Ҳа!» деб жавоб бермоқда шифокорлар

Гиёҳвандликдан халос бўлиш мумкинми? «Ҳа!» деб жавоб бермоқда шифокорлар

Наркомания инсоннинг соғлиғига улкан зарар келтириб, унинг ҳаётини бутунлай издан чиқариб юборадиган ҳалокат йўлидир. Аммо, дарҳол ҳаракат қилинса, зарур чоралар кўрилса, гиёҳвандликка чалинган беморни қутқариб қолиш мумкин.

Яқинларнинг қўллаб-қувватлаши ва ёрдами бундай оғир дамларда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Энг муҳими, касални яширмасдан, ўз вақтида тегишли мутахассисларга мурожаат қилиш зарур.

Кўпинча, бу дардга чалинган инсонлар ўз ҳалокатининг ошкор бўлишидан қўрқади. Оқибатда, организмни бу балодан қутқариб қолиш имконияти қўлдан бой берилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, замонавий тиббиёт инсонни гиёҳвандлик чангалидан тортиб олишнинг янгидан-янги чораларини топган. Қолаверса, бугунги кунда мамлакатимиздаги бир қанча клиникаларда гиёҳвандликни аноним даволаш йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва заҳарвандликка чалинган беморларни даволашда замонавий тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш модели жорий қилинган. Бунда беморнинг жисмоний, руҳий ва маънавий соғлиғини, уларнинг шахсий ва ижтимоий аҳволини тиклашга йўналтирилган тиббий-ижтимоий чоралар мажмуаси амалга оширилади.

Беморларни психоактив моддаларнинг нотиббий истеъмолидан воз кечишга ва уларни жамиятга қайтаришга йўналтирилган тиббий, психологик, тарбиявий, ижтимоий, меҳнат чора-тадбирларини комплекс равишда қўллаш орқали ушбу мақсадга эришилади.

Гиёҳвандлик ва заҳарвандликка чалинган беморлар ва уларнинг яқин қариндошларига психологик ва психотерапевтик ёрдам кўрсатишда кўплаб замонавий усулларидан фойдаланилади. Жумладан:

— Рационал психотерапия;

— Хулқ-атвор психотерапияси;

— Когнитив психотерапия;

— Суггестив психотерапия;

— Эмоционал-стресс психотерапияси;

— Оилавий психотерапия;

— Ҳамкор тобелик психотерапияси;

— Аутоген тренировкаси;

— Гуруҳли психотерапия ва бошқалар.

Гиёҳвандликка чалинган беморларнинг тиббий-ижтимоий реабилитацияси улардаги терапевтик ремиссиялар мустаҳкамлиги ва давомийлигини, меҳнат ва оилавий адаптация даражасини, даволаш сифатини оширади.

Бу шундай фалокатли дардки, ўз чангалига илинган қурбонини тобора чуқурликка тортиб кетаверади. Ана шундай вазиятда беморга ёрдам қўлини чўзиш, тезкорлик билан даволаш чораларани кўриш зарур. Тиббий, психологик ва ижтимоий чораларни бошлашда ҳар бир кун аҳамиятга эга. Энг муҳими, умидсизликка тушмаслик, дардни яширмасдан, ундан халос бўлиш учун қадам ташлаш лозим.

Киритилди: 16:51 11.03.2024. Ўқилди: 1087 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!