Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг расмий қароргоҳи — Белльвю саройини таъмирлаш харажатлари кескин танқид қилинди.
Германия солиқ тўловчилари федерацияси (BdSt) раҳбари Райнер Хольцнагельга кўра, лойиҳа қиймати 600 миллион евродан ортиқ, қўшимча 260 миллион евро хавф захираси билан баҳоланган. Шунингдек, вақтинчалик янги бино — Федерал президент идораси 2.0 қурилиши учун яна 205 миллион евро талаб этилади.
Умумий харажатлар 1 миллиард евродан ошиши мумкин. Федерация раҳбари бюджет тақчиллиги шароитида бундай сарф-харажатларни “тежамкорлик эмас” деб баҳолади.
Қайта қуриш ишлари саккиз йил давом этиши кутилмоқда. Таъмир даврида президент Берлин марказий темир йўл вокзали яқинидаги янги бинода фаолият юритади.