«Катта еттилик» (G7) давлатлари ва Европа Иттифоқи Россия нефтини денгиз орқали ташишга оид қоидаларни кескин кучайтириш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги манбаларига таяниб хабар берди.
Манбаларнинг маълум қилишича, янги ташаббусда Россия нефтини ташиш учун барча ғарбий хизмат кўрсатувчилар фаолиятини тўлиқ тақиқлаш таклиф қилинмоқда. Режа амалга оширилса, айниқса Греция, Кипр ва Мальта каби катта денгиз флотига эга давлатлар компаниялари Россия нефти экспортида иштирок этишни тўхтатади.
Ҳозирги вақтда ғарб юк ташувчи компаниялари ва суғурта ташкилотлари Россия нефтини ташишга фақат битта шарт билан рухсат олади – агар харидор бир баррел учун G7 томонидан белгиланган чегарадан паст нарх, яъни 47,6 доллардан кам тўласа.
Reuters маълумотларига кўра, Россия нефти экспортининг учдан бир қисми ҳали ҳам ғарб танкерлари орқали амалга оширилмоқда. Қолган қисми эса «соя флотлари» деб аталувчи, расмий бўлмаган ёки чекловларни айланиб ўтишга мўлжалланган танкерлар томонидан ташилади.
Ғарб давлатлари фикрича, ҳозирги тизим Россияга барқарор экспорт қилиш имконини сақлаб қолмоқда. Тўлиқ тақиқ эса Ғарб компанияларининг Россия нефти билан боғлиқ ҳар қандай операцияда иштирокини тўхтатади ҳамда Россия экспорти логистикасини қийинлаштиради. Бу орқали эса Москва бюджетига тушумларни камайтириш мақсад қилинмоқда.
G7 ва ЕИ томонидан кўриб чиқилаётган янги механизм Россия нефтини денгиз орқали экспорт қилиш тизимига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Агар тақиқ қабул қилинса, нафақат Европа, балки жаҳон нефть бозорида ҳам катта ўзгаришлар кутилади.