Франциялик Ромен Вандендорп муз солинган идишда туриш бўйича янги жаҳон рекордини ўрнатди. У 2 соат 35 дақиқа 33 сония чидаб туришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда “La Voix du Nord” газетаси хабар қилмоқда.
Парчаланган музга тушиш махсус шаффоф контейнерда бўлиб ўтди. У ердаги ҳарорат минус 18 даража совуқ ташкил этган. Бу жараённи Гиннесснинг рекордлар китоби вакиллари кузатган.
Нашрнинг ёзишича, Ромен Вандендорп “ўз физиологияси чегараларини кенгайтириш учун” икки йил мобайнида машқ қилган.
“Сиртдан қаршингизда муз бўлакларига тўла қуттидаги оддий йигит бўлиб кўринади, лекин, сизни ишонтириб айтаманки, ичимда кўплаб нарсалар рўй бермоқда. Биринчи соатда ҳаммасини назорат қилган бўлсам, қолган вақтни титроқни енгиш учун диққатни сақлашга тўғри келди”, - дея фикрлари билан ўртоқлашди француз.
У рекордини саратондан азият чекаётган болаларга бағишлади. Газета маълумотларига кўра, унинг отаси ва Огюстин исмли 4 ёшли қизалоқ шу касаллик туфайли вафот этган.
Гиннесснинг рекордлар китобидаги қайдларга кўра, аввалги рекордни хитойлик Цзинь Сунчао 2014 йил 4 сентябрда ўрнатган. Ўшанда у бўйнига музга кўмилган ҳолда 1 соату 53 дақиқа турган.