Франция жануби-ғарби ва Испанияда авж олган йирик ўрмон ёнғинлари сабабли умумий ҳисобда 320 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинди.
Францияда Бордо атрофидаги ёнғинлар туфайли 220 мингдан зиёд аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, қуриб қолган ўсимликлар ва кучли шамол ёнғиннинг тез тарқалишига сабаб бўлган.
Жиронда департаментида ёнғин 32,7 минг гектардан ортиқ ҳудудни ёқиб юборган. Ёнғин илк бор Саумос коммунасида бошланган бўлиб, кейин Ле-Порж, Леж-Кап-Ферре ва Бордо агломерацияси томон тарқалган.
Табиий офатга қарши курашиш учун 1 400 нафар ўт ўчирувчи, 1 500 ҳарбий, 1 700 хавфсизлик ходими ҳамда ёнғин ўчириш авиацияси жалб этилган.
Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Францияга Европа Иттифоқининг rescEU механизми орқали бешта ёнғин ўчириш самолёти ва иккита вертолёт юборилганини маълум қилди.
Франция Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, йил бошидан бери мамлакат бўйлаб қарийб 100 минг гектар ер майдони ёнган. Ички ишлар вазири Лоран Нуньес бу кўрсаткични «тарихий максимум» деб атади.
Шу билан бирга, Испанияда ҳам Мадрид атрофи ва Авила провинциясида ёнғинлар давом этмоқда. Мамлакат ҳукумати ушбу ҳудудларда миллий фавқулодда ҳолат жорий қилди. Бу ерда 100 мингга яқин аҳоли эвакуация қилинган.
Европа Иттифоқининг фуқаролик ҳимояси механизми доирасида Испанияга ҳам халқаро ёрдам кўрсатилмоқда. Италия икки дона Canadair самолёти ва 14 нафар мутахассисни, Португалия 129 нафар ходим ҳамда 41 та махсус техникани, Греция эса 33 нафар мутахассис, икки дона Canadair самолёти ва бир ёрдамчи самолётни юборган.
Испания бош вазири Педро Санчеснинг таъкидлашича, ҳозирги асосий вазифа инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш, аҳолини ҳимоя қилиш ва ёнғинларни тезроқ жиловлашдан иборат. У зарар кўрган ҳудудлар давлат томонидан тиклаш босқичида ҳам қўллаб-қувватланишини билдирди.