Франция Украинага SCALP қанотли ракеталари, AASM бошқарилувчи авиация ўқ-дорилари ва SAMP/T француз-итальян ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун Aster зенит ракета-тутиб қолувчиларини ишлаб чиқариш лицензиясини тақдим этиш ниятида.
Бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон 13 июль куни "антибаллистик коалиция" йиғилишидан сўнг "Украина президенти идораси"нинг YouTube каналида эфирга узатилган матбуот анжуманида маълум қилган.
Унинг таъкидлашича, бу Украинанинг мудофаа-саноат мажмуасини сезиларли даражада мустаҳкамлаш ва ўз қуролларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини беради.
Украина шунингдек, Франциянинг 16та Rafale қирувчи самолётини сотиб олмоқчи. Ушбу самолётлар Украинада 2028-2029 йилларда фойдаланишга топширилади.