Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро америкалик тадбиркор Илон Маскни Европа етакчиларига қарши интернетдаги таъқиб кампанияларини ташкил этишда айблади. Шунингдек, у 2027 йилда Францияда ўтказиладиган президентлик сайловларига хорижий аралашув хавфи борлигидан огоҳлантирди.
Барронинг айтишича, Россия, Хитой, Эрон ва MAGA ҳаракати тарафдорлари Франциядаги ижтимоий келишмовчиликлардан фойдаланиб, жамиятдаги қутблашувни кучайтиришга уринмоқда.
Франция ташқи ишлар вазири, шунингдек, Исроилнинг бир компанияси ижтимоий тармоқларда сохта француз аккаунтларини яратиб, Исроил — Фаластин можаросига оид муҳокамаларга таъсир ўтказишга ҳаракат қилганини билдирди.
Барро Франциянинг ички ишларига хориждан аралашишга қаратилган ҳар қандай уринишга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини маълум қилди.