Flydubai бортида пичоқланган учувчи Ҳиндистон фуқароси экани аниқланди.
Дубайдан Тел-Авивга 30 сентябр куни учган самолётни бошқарган ва ҳамкасби томонидан пичоқланган учувчи Ҳиндистон фуқароси экани маълум қилинди. Бу ҳақда Ҳиндистоннинг NDTV телеканали хабар берди. Маълумотни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам тасдиқлади.
Ҳодиса вақтида самолёт бортида 174 нафар йўловчи бўлган, уларнинг аксарияти Исроил фуқаролари ҳисобланади. Flydubai рейси дастлаб фавқулодда вазиятни англатувчи 7700 кодини юборган. Бироз вақт ўтгач, экипаж 7500 кодини, яъни самолётга ноқонуний аралашув ёки уни олиб қочишга уриниш ҳолатини билдирувчи сигнални узатган.
Шундан сўнг Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилиб, йўловчи самолёти томон йўналтирилган. Якунда Flydubai самолёти Саудия Арабистонининг Табук аэропортига хавфсиз қўндирилган.
Фавқулодда сигнал юборилишига учувчилардан бири – Ҳиндистон фуқароси Смит Маччарга иккинчи учувчи томонидан пичоқ билан ҳужум қилингани сабаб бўлган. Пичоқланганига қарамай Маччар кабинани очиб, йўловчиларга учувчини зарарсизлантириш имконини берган. Ҳозирда Маччар Саудия Арабистонидаги шифохонада даволанмоқда. У Flydubai авиакомпаниясида тўрт йилдан бери ишлайди. Бунгача Ҳиндистоннинг SpiceJet авиакомпаниясида 10 йил фаолият юритган.
Самолёт бортида бўлган яна икки учувчи эса учоқни Саудия Арабистонига қўндирган. Исроил бош вазири ҳиндистонлик учувчига кўрсатган жасорати учун миннатдорлик билдирган.
Дастлаб оммавий ахборот воситаларида учувчилар Россия ва Украина, кейинчалик эса БАА ҳамда Ўмон фуқаролари экани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳозирда иккинчи учувчининг шахсига аниқлик киритилмаган. Мазкур авиаҳодиса сабабли Исроил мамлакатга учаётган ҳар бир учувчининг шахсини текширишни кучайтиради.