Филиппинда 8 июнь куни маҳаллий вақт билан 07:37 да (Тошкент вақти билан 04:37 да) 7,8 балли кучли зилзила юз берди. Дастлаб табиий офат оқибатида бир киши ҳалок бўлгани хабар қилинган бўлса, кейинчалик расмийлар қурбонлар сони камида 19 киши эканини маълум қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Зилзила мамлакат жанубидаги асосий орол — Минданаодаги Генерал-Сантос шаҳри қирғоқларида содир бўлди. Полиция маълумотларига кўра, офат туфайли камида 134 киши жароҳатланган. Расмий табиий офатларга қарши курашиш агентлигига кўра, яна етти киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Зилзила ортидан минтақадаги бир қанча давлатлар, жумладан, Филиппин, Индонезия ва Япония цунами хавфидан огоҳлантириш берди. Филиппин вулқоншунослик ва сейсмология институти зилзила еростида 10 километр чуқурликда юз берганини маълум қилди.
Филиппин президенти Кичик Фердинанд Маркос баёнот берди. У барча тегишли давлат идораларига зудлик билан ҳаракат қилишни буюрди. Шунингдек, у аҳолини хавфсиз ва баландроқ жойларга кўчишга чақирди.