Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) 2026 йилги Жаҳон чемпионати учрашувларига ҳар қандай турдаги сув идишларини (бутилкаларни) олиб киришни тақиқлади. Турнир 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади ва у ерда юқори ҳаво ҳарорати кутилмоқда.
ФИФА ушбу чора «футболчилар ҳамда томошабинлар учун шикастланиш ва хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида» қабул қилинганини маълум қилди. Шу билан бирга, ташкилот ўйинлардан олдин ва баҳслар давомида сув сотилишини, стадионларда эса совутиш станциялари, вентиляторлар ҳамда сув пуркагичли ҳудудлар ишлашини таъкидлаб ўтди.
Англия терма жамоаси мухлислар гуруҳи вакиллари ушбу тақиқни «ғалати ва кечикиб чиқарилган қарор» деб аташди. Улар илгари ФИФА стадионларга сув олиб киришга ҳеч қандай тақиқ бўлмаслигини ваъда қилганини эслатиб ўтишган. Шунингдек, ишқибозлар ижтимоий тармоқларда ўз норозиликларини билдириб, янги қоидалар томошабинлар учун қўшимча харажатларга сабаб бўлишини тахмин қилишмоқда.