Вишеград гуруҳи (V4 – Чехия, Словакия, Венгрия ва Польша) қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, шунингдек, Латвия ва Литва 2028-2034 йилларда Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бюджетини 500 миллиард еврога оширишни талаб қилмоқда.
Бу ҳақда ČTK ахборот агентлиги хабар берди.
Хабарга кўра, олтита Европа мамлакатининг қишлоқ хўжалиги вакиллари Варшавада бўлиб ўтган йиғилишда Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бюджетини ошириш зарурлигига келишиб олдилар. Агар бу амалга ошмаса, миллий ва халқаро миқёсда фермерларнинг норозилик намойишлари давом этишини истисно қилиб бўлмайди. Етарли маблағ бўлмаса, улар учинчи мамлакатлар ишлаб чиқарувчилари билан рақобатлаша олмайди ва Европа Иттифоқининг экологик мақсадларини амалга оширишни таъминлай олмайди.
Чехия қишлоқ хўжалиги палатаси президенти Ян Долежал Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бюджетини ошириш талабига изоҳ берар экан, “бу биринчи навбатда қитъанинг озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ”лигини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, европаликлар арзон, юқори сифатли, маҳаллий ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши керак.