Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–123-сон қарорига мувофиқ, фавқулодда вазиятлар соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизими тубдан ислоҳ қилинади.
Маълумотга кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси негизида таълим тизими қайта ташкил этилмоқда. Жумладан, Фуқаро муҳофазаси институти ва Бошланғич тайёргарлик ҳамда малака ошириш маркази Академия таркибига киритилади.
Қарорга кўра, ягона таълим кампусида:
— Қутқарувчилар тайёрлаш техникуми;
— Хорижий кадрларни тайёрлаш факультети ташкил этилади.
Академияда 2 босқичли олий таълим тизими жорий қилиниб, бакалавр ва магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Бакалавриатда ҳарбий йўналишлар давлат гранти асосида, бошқа йўналишлар эса кундузги, кечки ва масофавий шаклларда амалга оширилади.
Шунингдек, магистратурада ҳам турли таълим шакллари асосида мутахассислар тайёрланади.
2027/2028 ўқув йилидан эса бакалавриатда “2+2” таълим тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилиши режалаштирилган.