Бугун 24 ноябрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Фарзандлари хусусий таълим ташкилотларида таълим олаётган ота-оналар даромад солиғидан озод этилади

Фарзандлари хусусий таълим ташкилотларида таълим олаётган ота-оналар даромад солиғидан озод этилади

Кеча Халқ таълими вазирлиги ҳузурида янги ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши йиғилишида иштирок этдим. Йиғилишда Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бир қаторда бугунги кунда соҳада мавжуд муаммоларга тўхталиб, уларни ечими юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан мактабларда таълим сифатини ошириш, янги ўқув ўринларини яратиш, тизимда коррупция ва непотизм ҳолатларини кескин камайтириш ҳамда дарсликлар ва ўқув дастурлари сифатини яҳшилаш борасида бир қатор таклифлар илгари сурилди.

Менимча, таълим соҳасидаги энг асосий муаммо бу давлат мактабларида ўқув ўринлари сиғимларининг етишмаслиги. Статистикага кўра, ҳозирда мактабларимиз сиғимидан ортиқ ўқувчилар сони 1,2 миллионтага етган. Натижада кўплаб мактабларимизда дарслар икки, хатто уч сменада ташкил қилинган, болалар эса ўқувчилар сони 35-40 тага етган синфларда ўқишга мажбур бўлмоқда. Бу эса ўз-ўзидан уларнинг сифатли таълим олишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Гарчи йилдан йилга янги қурилаётган мактаблар сони ортаётган (2022 йилда 40 та янги мактаб қурилиши белгиланган) ва Тараққиёт стратегиясига асосан 2026 йил якунига қадар мактаблар сиғимини 6,4 миллионтагача етказиш режалаштирилган бўлсада, лекин ошиб бораётган аҳоли сони ҳисобига қурилаётган янги мактаблар ўқув ўринлари ҳамда ўқувчилар сони орасидаги фарқни сақлаб туриш учун ҳам етарли бўлмаслиги мумкин.

Куни кеча Президент фармони билан тасдиқланган Тараққиёт Стратегияси ва уни амалга оширишга оид Давлат дастурида эса айнан юқоридаги муаммога энг самарали ечимлардан бири, яъни таълим соҳасида хусусий мактаблар сонини оширишни рағбатлантириш назарда тутилган. Фармонга асосан, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб нодавлат мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 млн. сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилиши белгиланмоқда. Бу мамлакатда таълим соҳасида хусусий секторни ривожланиши ва хусусий таълимга бўлган талабни ортишига катта ижобий туртки бўлади. Чунки:

Биринчидан, фуқаролар тўлайдиган солиқларни катта қисми бюджет орқали таълимга йўналтирилишини инобатга олинса, солиқдан тушадиган маблағларни давлатдан кўра фуқаролар қўлида қолдирилиши бу маблағларни таълим учун мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлайди.

Иккинчидан, ҳозир ҳудудларда таълим сифати ва шароити қониқарли хусусий мактаблар нархи ўртача 700 мингдан 1.5млн сўмгачани (пойтахтда бундан 2 баробаргача қиммат ) ташкил этади. Яъни болани хусусий мактабга юбориш харажатини 25-50 фоизини солиқлардан тежалган 360 минг сўм (3млн х 12%) ҳисобига қоплаш мумкинлигини англатади. Бу бир томондан ҳозирда фарзанди хусусий мактабда таълим олаётган оилаларни молиявий қўллаб-қувватласа, иккинчи томондан фарзанди хусусий мактабга бормайдиган ота-оналарни эндиликда хусусий мактабга юборишга рағбатлантиради.

Учинчидан, фарзанди хусусий мактабларда таълим олишни истайдиган оилалар сони ошиши табиийки хусусий мактабларга бўлган талабни оширади. Талаб ошган жойда эса ўз навбатида таклиф ҳам ошади. Худди мактабгача таълим соҳасида каби қисқа муддатларда тадбиркорлар томонидан очилган хусусий мактаблар сони ортиб, хусусий сектор улуши ҳозирги 1% лик ачинарли кўрсаткичдан сезиларли даражада ошишига имконият яратилади.

Тўртинчидан, хусусий мактаблар кўпайиши ўз навбатида таълим соҳасида рақобат муҳитини яратади, фарзандларимизга таклиф этилаётган таълим сифатини оширади. Қолаверса, бу рақобат яхши ўқитувчиларга бўлган талабни ошишига, уларнинг маоши ва ижтимоий мавқеи ортишига сабаб бўлади.

Бешинчидан ва энг асосийси, таълим соҳасида хусусий секторнинг улуши ортиши ҳамда нисбатан юқори даромад ва молиявий имкониятга эга оилаларнинг фарзандлари хусусий мактабга бориши давлат мактабларига бўлган босимни камайтириб, энг қисқа муддатларда ўқув ўринларига нисбатан ўқувчилар сони мутаносиб бўлишига эришишга имконият яратади, деб ўйлайман.

Киритилди: 21:46 02.02.2022. Ўқилди: 5907 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!