Ўзбекистонда фарзандини хусусий мактаб ёки боғчага берган ота-оналар учун даромад солиғи бўйича имтиёз кенгайтирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни устоз ва мураббийлар билан учрашувда солиқдан озод қилинадиган таълим харажатлари лимитини ойига 3 миллион сўмдан 6 миллион сўмга ошириш режасини маълум қилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, янги тартиб оилаларга бир йилда тахминан 6–7 миллион сўм маблағни тежаш имконини бериши мумкин.
Бундан ташқари, имтиёздан фойдаланиш жараёнини соддалаштириш кўзда тутилган. Солиқ органлари тегишли тўловларни ҳар ой якунида автоматик равишда қайтариб бериш тизимини йўлга қўяди.
Амалдаги тартибда ота-онанинг фарзанди учун нодавлат мактаб ёки боғчага йўналтирган ойига 3 миллион сўмгача бўлган даромади жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинган. Бу имтиёз 2022 йилда Солиқ кодексига киритилган ўзгартишлар асосида амал қилиб келмоқда.
Ҳозирда имтиёздан икки усулда фойдаланиш мумкин: иш берувчи орқали таълим учун тўловни маошдан тўғридан-тўғри йўналтириш ёки аввал тўланган даромад солиғини кейинчалик қайтариб олиш.
Янги механизм ишга тушгач, бу жараёнда ота-оналарнинг алоҳида мурожаат қилишига бўлган эҳтиёжни камайтириш режалаштирилмоқда.